Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу борада Kun.uz интернет ресурси фаолиятини мисол тариқасида келтириш мумкин. Мазкур  интернет ресурси ахборотларни тезкор ва холис ёритиш, томонлар фикрини объектив тарзда бериб бориш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.
     Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий фаолият олиб бориш учун катта имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда, самарали илмий фаолиятни муносиб рағбатлантириш борасида ҳам жуда катта ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Масалан, илмий тадқиқот ва инновациялар бўйича фаолиятни самарали ташкил этишга йўналтирилган 3 та қонун қабул қилинди, докторантурага қабул квоталари қарийб 2 баробарга оширилди, 2015 йилда юртимизда 69 та олий таълим муассасаси (ОТМ) фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 130 тани ташкил этмоқда, 2020 йилда профессор-ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 2015 йилга нисбатан 4 баробарга ортди, мурраббий ва илмий ходимларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми тобора юксалиб бормоқда.
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ–4958-сон Фармонига мувофиқ 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизимининг жорий қилиниши тарихий аҳамият касб этди. Ушбу Фармон иқтидорли ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишига жуда катта имкониятлар яратди.
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон Фармонига мувофиқ 2030 йилгача олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50%га ва шунга мувофиқ равишда ОТМларнинг илмий салоҳияти даражасини 70%га олиб чиқиш вазифалари белгиланган. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кенг қамровли илмий-ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
    Илмий-тадқиқот муассасалари (ИТМ)да ҳам илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли чора-тадбирлар қизғин амалга оширилмоқда. Масалан, кейинги йилларда Математика институтининг 18 нафар ходими илмий даражаларда тасдиқланиб, улар институт илмий ходимларининг 20%ни ташкил этади.
      Илм-фанни сифат жиҳатдан ривожлантиришга берилаётган катта эътибор натижасида, жумладан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизимининг жорий қилиниши шароитида бир поғонали тизимга (2013-2016 йй) нисбатан, жумладан қуйидаги натижадорликка эришилди: минтақаларда жойлашган ОТМ ва ИТМ ҳузурида тузилган илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар сони 5 тадан 91 тага етказилди; талабгорларни фан доктори (DSc) илмий даражасида тасдиқлаш суръати 246% ни ташкил этди. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси бўйича ҳимоялар илк бор йўлга қўйилган ҳолда бугунги кунга қадар 3031 нафар талабгор PhD илмий даражасида тасдиқланиб, бу кўрсаткичнинг йилдан-йилга ўсиб бориши таъминланмоқда.
     Энг асосийси, бу жараёнда асосий мезон – сифат ва натижадорликка қатъиян амал қилинмоқда.

    2020 йил 17 ноябрь куни Kun.uz интернет ресурсида ҳурматли олимимиз, сенатор Шавкат Аюповнинг илмий кадрлар тайёрлаш бўйича фикрлари эълон қилинди. Устоз Ш.Аюповни  катта олим, бағрикенг инсон, илм-фан соҳаси заҳматкаши ва ёшлар мураббийси сифатида ҳурмат қиламиз. Устозга сиҳат-саломатлик, илмий ва ёшларга мураббийлик фаолиятларига муваффақиятлар тилаган ҳолда, улар билдирган фикрлари бўйича  қуйидагиларни маълум қиламиз:
    1. Материалда “Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори, сенатор Шавкат Аюпов сўнгги пайтда илмий даража олиш ишлари сунъий оширилаётганлигини билдирди...”.
    Мазкур хулоса қуйидагиларга кўра ҳақиқатга тўғри келмайди:
    биринчидан, сўнгги йилларда илмий даражали кадрларни тасдиқлаш аввалги йилларга, масалан, 1992-2012 йилларга нисбатан кескин ортиб кетиши кузатилмайди. Сўнгги йилларда (2013-VI.2020 йй.) бир йилда ўрта ҳисобда 583 нафар талабгор илмий даражаларда тасдиқланган. Агарда ихтисосликлар рўйхатидаги фан тармоқларини эътиборга олсак, бу кўрсаткич  “кўпайиб кетяпти” деган хулоса қилиш мумкинми ?!;
    иккинчидан, бир йилда ўрта ҳисобда 1992-2012 йилларда 593 нафар талабгор фан номзоди илмий даражасида тасдиқланган бўлса, олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг 2 поғонали тизими жорий қилинганидан кейин (2017-2020 йй.) 866 нафар талабгор (фарқи +273 нафар) фалсафа доктори илмий даражасида тасдиқланган. Савол: Бу шароитда +273 нафарни кўпайиб кетди, деб хулоса қилиш мумкинми?!  Жавоб: Йўқ, чунки 4 йил давомида (2013-2016 йй.) мамлакатимизда шу даврда бир босқичли тизим амалда бўлиб, фақат фан доктори илмий даражаси берилган (PhD илмий даражаси жорий қилинмаган; фан номзоди илмий даражаси эса бекор қилинган). Фан номзоди илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертацияларни ҳимоя қилиш имконияти бўлмагани сабабли улар йиғилиб қолган. 2017 йилдан бошлаб янги тизим асосида PhD илмий даражаси учун диссертация ҳимоя қилиш имконияти пайдо бўлганини эслатиб ўтиш жоиз;
    учинчидан, материалда “... маошига устама тўланиши ...” бўйича билдирилган фикрга мазкур жараённи ташкил қилувчи ОТМ ва ИТМ раҳбарлари, вакиллари ўз муносабатларини билдиради, деган умиддамиз. Ўз ўрнида биз ОТМ ва ИТМ томонидан тегишли тадбирлар амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилинаётганига, шунингдек, ушбу жараёнда қатнашаётган мутахассислар масалага холис ва адолатли ёндашаётганига ишонамиз.

     2. Материалда кўчирмачилик (плагиат) ҳолатлари тўғрисида фикр билдирилган. Ушбуда қуйидаги 3 ҳолатни таъкидлаб ўтиш зарур:
    биринчидан, бугунги кунда фойдаланилаётган дастур нафақат ўзбек тилида, балки рус тилида ҳам ишлаш имкониятига эга бўлиб, бу имкониятдан фойдаланилмоқда. Лекин матн рус тилидаги манбадан олиниб, ўзбек тилига ўгирилган ҳолда бошқа матнда фойдаланилган бўлса, мазкур дастур бу ҳолатни топа олмайди. Шунингдек, матнларни солиштиришда ягона базага интеграция қилинган ресурслар имконияти ҳам катта аҳамият касб этади;
    иккинчидан, асл ва таржима қилинган матнларни солиштириш имкониятига эга бўлган мукаммал дастурни яратиш катта интеллектуал ресурсни бирлаштиришни талаб этади. Математика институти ўз салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда бундай дастурнинг мукаммалроқ вариантини яратиб берса,  нур устига аъло нур бўлар эди;
    учинчидан, тадқиқотлар сифатини янада ошириш ва кўчирмачилик ҳолатларининг олдини олиш ишларини янги поғонага кўтариш, бу жараёнда илмий жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида ОАК томонидан диссертацияларнинг илмий жамоатчилик томонидан электрон экспертизасини амалга ошириш кўзда тутилган ва унинг дастурий таъминоти ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳани йил якунида амалиётга жорий қилиш кўзда тутилган.
 
    3. Илмий даражаларда тасдиқланган шахсларнинг ишларида кўчирмачилик ҳолатлари аниқланган тақдирда амалдаги тартиб-қоидага кўра, илмий даражага эга бўлган шахслар ўрнатилган тартибда илмий даражадан маҳрум этилади.
    Ш.Аюповда кўчирмачилик билан шуғулланган шахслар тўғрисида маълумотлар ва плагиат ҳолатларини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлса, ундан мазкур ҳужжатларни ОАКга тақдим этишни сўраб расман мурожаат қилинди (20.11.2020 й., №01-10/1644).
    Ш.Аюпов томонидан кўчирмачилик (плагиат)ни тасдиқловчи материаллар расман тақдим этилса, бу ҳужжатлар низомга мувофиқ тегишли илмий кенгашларда кўриб чиқилиб, кўчирмачилик ҳолатлари тасдиқланса, ўрнатилган тартибда кўчирмачилик билан шуғулланган шахслар илмий даражаларидан маҳрум қилинади.

     4. Материалда И.Мавлоновнинг “... 23 та йўналиш қамраб олинганига қарамай, 3 йилда ёқланган 3450 та диссертациянинг 585 таси тиббиётга оид” деган фикри ҳам келтирилган. Бу фикр бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
    биринчидан, бир йилда ўрта ҳисобда 1992-2012 йилларда тиббиёт фанлари бўйича 178 нафар талабгор фан доктори ва фан номзоди илмий даражаларида тасдиқланган бўлса, сўнгги пайтларда (2013-VI.2020 йй.) илмий даражаларда 95 нафар талабгор тасдиқланди. Бу ҳолатда ҳам сифат масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
    иккинчидан, 1992-2012 йилларда жами ҳимоялар таркибида тиббиёт фанларининг улуши 25% ни ташкил қилган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич 16% га тенг.

    Мамлакатимиз илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида, жумладан олий таълим ва илм-фан соҳаларини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияларида белгиланган вазифалар ижроси бўйича илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда сифат ва самарадорлигини таъминлаш юзасидан бундан буён ҳам мақсадли тадбирлар изчил амалга ошириб борилади. Бу борадаги ишларга барча олимларимиз ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар.

Олий аттестация комиссияси
Ахборот хизмати
20.11.2020 й.

 

Янгиликларга обуна бўлиш